Хитойнинг Recon Group холдинги америкалик тадбиркор Рэнди Лернерга тегишли бўлган Англиянинг «Астон Вилла» футбол клубини харид қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур келишув Англия Премьер-лигаси ва Чемпионшип томонидан тасдиқланса, Recon Group холдинги раиси Тони Жиатонг Ся расман «Астон Вилла» клубининг раҳбарига айланади. Келишувнинг молиявий шартлари ҳақида расмий маълумот берилмаган.
«Sports.ru» нашрининг қайд этишича, 54 ёшли Рэнди Лернер Бирмингэм клубини 2006 йилда 62,2 миллион фунтга сотиб олган. Энди у клубни 60 миллион фунтга сотиб юборгани тахмин қилинмоқда.
Маълумот учун, Recon Group раиси Тони Жиатонг Ся Хитой ва Гонконгда бешта давлат компаниясининг назорат акцияларига эга. Шунингдек, хитойлик тадбиркор Хитой фонд биржалари ва 75 давлатда 35 000 ишчиси бўлган хусусий компанияларга эгалик қилади.
Эслатиб ўтамиз, «Астон Вилла» жамоаси Англия Премьер-лигасининг 2015/16 йилги мавсуми якунига кўра, 38 турда 17 очко жамғарди ва 1987 йилдан буён илк марта элита билан хайрлашди. Жамоа кейинги мавсумни қуйи дивизион — Чемпионшипда ўтказади.
Изоҳ (0)