Футбол бўйича Франция терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси Давид Жинола Ниццада бўлиб ўтган гольф мусобақасида ўзини ёмон ҳис этгач, юрак тўхтаб қолишини бошидан ўтказди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
49 ёшли французга биринчи ёрдам кўрсатилди, шундан сўнг вертолётда Монакодаги тиббий марказга етказилди. Ҳозирда Жинола ҳушсиз, бироқ барқарор ҳолатда эканлиги айтилмоқда.
Жинола «Пари-Сен Жермен» таркибида икки бор Франция кубоги (1993, 1995) ва мамлакат чемпионатида (1994) ғолиб чиққан. 1998/99 йилги мавсумида «Тоттенҳэм» жамоаси билан бирга Лига кубогини қўлга киритиб, Англия чемпионатининг энг яхши ўйинчиси деб топилган. Терма жамоа сафида 17 ўйин ўтказган ва учта тўп киритган.
2015 йили Жинола Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президентлигига номзодини қўйиш истагини билдирганди.
Изоҳ (0)