Аёллар ўртасида Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Нигина Абдураимова Япониянинг Куруме шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 50 минг долларга тенг ITF туркумидаги теннис турнирининг ярим финалига чиқди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, мазкур мусобақанинг иккинчи ракеткаси сифатида таснифланган 21 ёшли ўзбекистонлик теннисчи британиялик Кэти Даннга қарши баҳс олиб борди. Бир соату 34 дақиқа давом этган беллашувда 6:4, 6:3 ҳисоби қайд этилиб, Абдураимова фойдасига ҳал бўлди.
Мусобақанинг ярим финалида ўзбекистонлик теннисчи россиялик Ксения Ликина билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, Нигина Абдураимова биринчи даврада франциялик Жосефин Буалемни 6:4, 7:6, иккинчи даврада эса япониялик Канаэ Ҳисамени қийинчилик билан 4:6, 6:3, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Изоҳ (0)