Яман ҳукумати мамлакатнинг жанубий пойтахти Аданда таркибида кучсиз наркотик модда бўлган кат япроқларини истеъмол қилишни тақиқлаб қўйди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Ички ишлар вазирлигининг Адан бўйича бошқармасининг махсус буйруғида «шаҳарга кат япроқларини олиб кириш, уларни тарқатиш ва истеъмол қилиш пайшанба куни кечки пайт ва жума кунидан ташқари, ҳафтанинг барча кунларида тақиқланиши» айтилади. Жума — мамлакатда дам олиш куни ҳисобланади.
Бундай буйруқ кат истеъмоли туфайли «шаҳарда транспорт ҳаракати ва хавфсизлик хизмати вакиллари фаолияти»га етадиган зарарнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Кат япроқларини истеъмол қилиш (чайнаш) — Яманнинг 25 миллионлик аҳолисининг учдан бир қисми учун анъанавий машғулотдир. Дин томонидан тақиқланмаган восита учрашувлар, тантаналар ёки дўстона зиёфатлар чоғида аҳоли томонидан фойдаланилади. Яманликларнинг ўзлари катни «ал-макил» деб атайди, бу арабчадан таржима қилганда «дам олиш жараёни» демакдир.
Изоҳ (0)