Москва Анқарани Су-24 самолёти учувчиси Олег Пешковнинг Суриядаги ўлимига сабабчи бўлган барча шахсларни топиш ва уларни жавобгарликка тортишга чақиради. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Унинг таъкидлашича, Измир прокуратурасининг россиялик учувчининг қотили деб гумон қилинаётган Альпарслан Челикка нисбатан жиноий иш қўзғашдан бош тортиши «жиддий хавотир ва кўплаб саволларни туғдирмасдан қолмайди».
«Туркия адлияси атайлаб ва мустақил равишда, оғир жиноятни содир этганлигини омма олдида тан олган кишини жавобгарликдан соқит қилаётгандек таассурот уйғонмоқда», — деди Захарова.
Аввалроқ Туркия прокуратураси Россиянинг Сурияда уриб туширилган Су-24 самолёти учувчисининг қотили деб гумон этилаётган Альпарслан Челикдан барча айбларни олиб ташлаган эди.
Маълумот учун, 2015 йилнинг 24 ноябрь куни Туркиянинг F-16 қирувчиси Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётини Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширган эди. Бу икки давлат ўртасида кескинлик келтириб чиқарди.
Изоҳ (0)