Хитойнинг Хунан провинциясида қўл-оёқларида 31 та бармоқ билан туғилган Гонк Гонкнинг ота-онаси уч ойли чақалоқдан тананинг ортиқча аъзоларини олиб ташлаш бўйича қиммат жарроҳлик амалиёти учун маблағ қидирмоқда. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Болакайнинг қўлида 15, оёғида эса 16 та бармоқ бор. Унинг ота-онасида ҳам полидактилия, яъни бармоқлар меъёрдагидан кўплиги кузатилгани билдирилмоқда. Жумладан, Гонк Гонкнинг онаси қўлларида олтитадан бармоқ бўлиб, ҳозиргача шундай яшаб келади.
Бармоқлар ҳали етарли даражада ривожланмагани ва ўсишда давом этаётгани учун болани чақалоқлигида операция қилишга тўғри келади. Бироқ бундай амалиёт нархи 500 минг юангача (77 минг доллар атрофида) бориши туфайли заводда ишлайдиган ота-она қўшимча маблағ манбасини ахтариш билан овора.