АҚШлик таниқли инвестор Билл Гросс почта маркалари коллекциясининг бир қисмини номи ошкор этилмаган хусусий инвесторга 4,5 миллион долларга сотди. У ушбу маблағдан 2 миллионини ўзи бир ярим йил авал тарк этган PIMCO компанияси қошидаги хайрия фондига йўналтириш ниятида, дея хабар беради «Интерфакс».
Гросс ўзи асос солган PIMCO’дан кетганидан кейин компания раҳбарияти билан можарога киришган ва уларни 200 миллион доллар бонус тўламаганликда айблаб, судга берганди.
«Ўзим 2000 йилда ташкил этган ва дастлабки икки йил давомида тўлиқ молиялаштирган Pimco Foundation фондига меҳрим бўлакча. Ҳозир қаерда фаолият юритаётганимдан қатъи назар, бутун дунёдаги инсонларга салоҳиятларини кўрсатишда ёрдам беришга қаратилган фонд миссиясига ишонаман ва қўллаб-қувватлайман», — дея таъкидлаган инвестор.