Халқаро суд Никарагуанинг Германияга қарши “Геноциднинг олдини олиш тўғрисидаги конвенция”ни бузганликда айблаган даъвосини рад этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Гаага суди Германия Исроилга ёрдам беришни, жумладан, қурол экспортини тўхтатишга мажбур эмас, дея қарор чиқарди. Шу билан бирга, суд Германиянинг суд жараёнини тугатиш ҳақидаги илтимосини рад этган.
Никарагуанинг Германияга қарши даъвоси
8—9 апрель кунлари Халқаро судда кўриб чиқилган Никарагуанинг Германияга қарши даъво аризасида Германия Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали “Фаластин халқига қарши содир этилган ва содир этилаётган геноциднинг олдини олиш мажбуриятини бажармагани” ва шу тариқа, “конвенцияни бузган ҳолда геноцид содир этилишига ҳисса қўшгани” таъкидланган.
Даъво аризасида суддан Германиянинг Исроилга ҳарбий ёрдамини тўхтатиб қўйиш учун “вақтинчалик чоралар” кўриш сўралган. Германия Никарагуанинг айбловларини қатъиян рад этган. Германия Ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ҳуқуқ бўйича комиссари Таня фон Услар-Гляйхеннинг таъкидлашича, бундай айбловлар “ҳеч қандай қонуний ёки далилий асосга эга эмас”.
У Берлин халқаро конвенция ва нормаларни бузмаганини билдирди ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгалиги, Исроил хавфсизлиги Германия учун устувор вазифа ҳисобланишини айтди. Айни вақтда Берлин Ғазо секторидаги тинч аҳоли ҳуқуқлари ва ҳимоясини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Изоҳ (0)