Бразилияда импичмент жараёни мамлакатнинг легитим раҳбарларини ағдаришга қаратилган қуролга айланиб қолди. Бу ҳақда президент Дилма Руссефф хорижий журналистлар олдидаги чиқиши чоғида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Бразилияда вақти-вақти билан бош кўтарадиган давлат тўнтариши тарафдорлари бор. Агар мамлакат тарихига назар солиб, Жетулиу Варгасдан бошлаб унинг раҳбарлари фаолиятини ёдга олсак, импичмент мунтазам равишда сайланган президентларга қарши қурол сифатида фойдаланиб келинганига гувоҳ бўлиш мумкин», — дея таъкидлаган президент.
Руссефф, шунингдек, Бразилиядаги илк аёл давлат раҳбари бўлганлиги учун камситилаётганини билдирган. «Менга нисбатан амалга оширилаётган айрим ҳаракатлар эркак президентга қўлланмаган бўларди. Бўлаётган воқеаларга аёлларга нисбатан эски қарашлар ҳам қоришиб кетган», — деб ҳисобламоқда у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мамлакат парламенти қуйи палатаси депутатлари Дилма Руссеффни Бразилия президенти лавозимидан четлатишни ёқлаб овоз берганди. Якуний қарор юқори палата сенаторлари томонидан қабул қилинади.
Изоҳ (0)