АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэрнинг автомобиллар кортежи Камерун шимолида болани уриб юборди. Бу ҳақда, The Washington Post нашри маълумотига таяниб, «Газета.ru» хабар беради.
Ҳодиса кичикроқ Маруа шаҳри яқинида юз берди. Пауэр у ерга қочоқлар лагерига ташриф буюриш учун йўл олган эди. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги Пауэр автоколоннасини кутиб олиш учун йўлга чиққанлиги таъкидланмоқда. Кутилмаганда етти ёшли бола йўлга отилган ва колоннадаги олтинчи зирҳли жипнинг ғилдираклари остида қолган.
Associated Press агентлигининг маълум қилишича, автомобиль ҳайдовчиси тўхтаган, бироқ АҚШ махсус хизматлари ушбу жой хавфсиз бўлмаганлиги учун у ерни тарк этишни талаб қилган.
Бола шифохонага етказилган, унга кортежни кузатиб бораётган тиббиёт ходимлари ёрдам кўрсатган. Шунга қарамасдан, олган жароҳатлари туфайли бола ҳаётдан кўз юмган.
Шундан сўнг, Саманта Пауэр боланинг оиласи билан шахсан учрашиб, уларга чуқур ҳамдардлик билдирган.
Изоҳ (0)