Google қидирув тизими монополияга қарши қонунчиликни бузгани учун Европа Иттифоқида 7,4 миллиард долларга ёки Европа давлатларидаги 2015 йил тушумининг 10 фоизи миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
ЕИ аксилмонополия қўмитаси раҳбари Маргрет Вестагернинг Reuters’га билдиришича, компания ишлаб чиқарувчиларга Android операцион тизимида ишлайдиган ускуналарга Google дастурларини олдиндан ўрнатишни мажбурий этиб белгилагани Европа регуляторининг эътирозига сабаб бўлди.
Регулятор идоранинг фикрича, Google дастурлари Android операцион тизими билан бевосита боғлиқ эмас. Шу тариқа, уларни ўрнатишнинг мажбурийлиги монополияга қарши қонунларнинг бузилиши сифатида баҳоланади.
Вестагер хонимнинг қўшимча қилишича, Google’нинг бундай хатти-ҳаракатлари бошқа ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотларидан фойдаланувчи аудиторияни кенгайтириш имкониятидан маҳрум қилади.
Изоҳ (0)