Хостинг компанияси хўжайини Марко Марсала ўз қўли билан сервер компьютерларидаги барча маълумотларни ўчириб ташлади, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Бу коддаги кичик хатолик туфайли содир бўлди.
Марко Марсала компаниянинг барча серверларида «rm -rf {foo}/{bar}» деган сатр бўлган кичик скриптни ишга туширди. У маълум бир файлларнигина ўчириши керак эди. Аммо коддаги хатолик туфайли буйруқ «rm -rf» сифатида бажарилди ва барча сервер тўплагичлари тозаланди.
«rm -rf» буйруғини Linux-тизимларнинг кўплаб фойдаланувчилари унчалик хуш кўрмайди. Чунки ижро этиш чоғида у барча маълумотларни огоҳлантиришсиз ўчириб ташлайди.
Унинг хатоси натижасида 1535 мижознинг барчасига тегишли маълумотлар ўчириб юборилди. Шунингдек, захира нусхаларига эга қаттиқ дисклар ҳам «зарба» остида қолди.
Марко Марсала ёрдам сўраб, дастурчилар форумига мурожаат қилди. Унга маълумотларни қайта тиклаш учун кичик эҳтимол борлигини айтишди. Бунинг учун компания эгаси маълумотларни қайта тикловчи мутахассисларга мурожаат қилиши керак. Бу жуда кўп вақт талаб қилувчи ва қимматга тушувчи жараёндир.
Изоҳ (0)