Андижон вилоятида жорий йил май–июнь ойларида ўтказиладиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу муҳим тадбирнинг демократик тамойиллар асосида, юқори савияда ўтишини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, дея хабар беради ЎзА.
— Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишга кўмаклашувчи 2 шаҳар, 14 туман комиссияси ҳамда 868 маҳалла, 94 қишлоқ ва 6 шаҳарча фуқаролар йиғинларида жами 968 ишчи гуруҳи тузилди. Комиссиялар ва ишчи гуруҳларга зарур шароит яратиб берилди, тегишли қўлланма ва адабиётлар билан таъминланди, — дея таъкидлайди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Муҳаммаджон Йўлдошев. — Аввалги сайловларда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлар таркибига маҳаллада, кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган, ташкилотчи, ҳаётий тажрибага эга кишилар киритилди.
Жойларда сайловолди тушунтириш-тарғибот ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Туман ва шаҳар комиссиялари раислари, ўринбосарлари, ишчи гуруҳлар раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида кўплаб семинар-йиғилишлар ўтказилди.
Изоҳ (0)