Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзи аввалроқ Instagram’да эълон қилган Михаил Касьяновнинг нишондаги фотосурати ҳазил бўлганини тан олди. Бу ҳақда Чеченистон етакчиси «Владимир Путин билан тўғридан-тўғри эфир»дан сўнг маълум қилди, унда шу фотосурат ҳақида ҳам гап борган эди, деб ёзади «РБК».
«Михаил Касьяновнинг фотосуратига келадиган бўлса, у образли хусусиятга эга бўлган ва кимгадир қаратилган тўғридан-тўғри таҳдидни ўз ичига олмаган ҳазил эди», — деб ёзди Қодиров ўз Instagram’ида. Унинг қўшимча қилишича, Россия президентининг танбеҳи унинг учун «зудлик билан ижро этиладиган қонундир».
«Тўғридан-тўғри эфир» чоғида журналист Сергей Доренко президент эътиборини «мухолифат — ‘халқ душманлари’ деб таърифлангани, шунингдек, собиқ бош вазир оптик винтовка нишони остида кўрсатилгани»га қаратди.
Путин ўз навбатида ушбу масала бўйича Қодиров билан шахсан суҳбатлашганини маълум қилди. Шу билан бирга, президент «ҳаётий вазиятлардан келиб чиқиш» заруриятини тилга олди.
Эслатиб ўтамиз, 31 январь куни Рамзан Қодиров Халқ озодлиги партияси етакчиси Михаил Касьянов «нишонга олинган» видеони Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган эди. 1 февраль куни ушбу видео Instagram қоидаларини бузган деб топилиб, Қодировнинг саҳифасидан ўчирилган эди.
Изоҳ (0)