Жанубий Осетия ҳукумати Россия таркибига кириш ҳақидаги референдумни шу йилнинг августигача ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республика президенти Леонид Тибиловга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
У овоз бериш натижаларига шубҳаланмаслигини таъкидлади. «Биз жавобни оламиз, мен юз фоиз аминманки, халқ ‘ҳа’ дейди, ва биз хотиржамлик билан Россия олий раҳбариятига мурожаат қила оламиз», — деди Тибилов.
Унинг аниқлик киритишича, референдумда республика Конституциясининг 10-моддасини ўзгартириш ҳақидаги савол берилади. Унда Жанубий Осетия бошқа давлатлар билан иттифоққа киришиш ва иттифоқ органларига ўз ваколатларининг бир қисмини бериш ҳуқуқига эга эканлиги айтилади. Референдумда ушбу моддани Жанубий Осетияда ваколатларининг бир қисмини Россияга ўтказиш ҳуқуқи борлиги ҳақидаги хатбошилар билан тўлдириш масаласи кўтарилади.
Изоҳ (0)