Ўзбекистонлик Жўрабек Каримов Қарши шаҳрида якунига етиб бораётган Karshi ITF Pro Circuit теннис турнирининг финалига йўл олди.
Халқаро теннис федерацияси расмий сайтининг маълум қилишича, дастлабки ярим финалда 17 ёшли Жўрабек Каримов ўзбекистонлик бошқа бир теннисчи, 17 ёшли Ҳумоюн Султоновга қарши баҳс олиб борди. Бир соату 21 дақиқа давом этган мазкур беллашувда Жўрабек 6:4, 6:2 ҳисобида зафар қучди.
Каримов мусобақанинг иккинчи ярим финалида чехиялик Михал Конечнини 3:6, 5:7 ҳисобида мағлубиятга учратган Беларусь вакили Илья Ивашка билан бош соврин учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Жўрабек Каримов иккинчи даврада бельгиялик Сандер Жиллени 4:6, 6:4, 6:4, чорак финалда эса беларуслик Яраслав Шилани 6:3, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Шунингдек, ўзбекистонлик 21 ёшли Санжар Файзиев билан тандем ҳосил қилган Жўрабек мусобақанинг жуфтликлар баҳси финалига чиқди. Финал учрашувида Каримов/Файзиев жуфтлиги Сумит Нагал (Ҳиндистон) ҳамда Ти Чен (Хитой Тайпейи) дуэтига қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)