Испания нашрлари Ла Лиганинг 31-туридан ўрин олган «Барселона» ва «Реал» ўртасидаги учрашув олдидан Мадрид клуби мухлисларини ранжитадиган фактни аниқлади, деб хабар беради «Чемпионат».
«Реал» жамоаси «Барселона»га қарши ўйинларда Криштиану Роналду, Гарет Бэйл ва Карим Бензема биргаликда асосий таркибда майдонга тушганида мағлубиятга учраган. Ушбу футболчилар биргаликда «Барселона»га қарши жами 3 та ўйинда майдонга тушган ва барчасида мағлуб бўлганди.
Гарет Бэйл 2013 йилда «Реал»га келиб қўшилганидан сўнг «Қироллик клуби» «Барселона» жамоасини икки маротаба — 2013/14 йилги Испания Кубоги финалида (2:1) ҳамда 2014/15 йилги Испания чемпионати 9-турида (3:1) мағлубиятга учрата олганди. Дастлабки ҳолатда Криштиану Роналду жароҳати туфайли финал ўйинини ўтказиб юборган бўлса, иккинчи ҳолатда Гарет Бэйл майдонга туша олмаган эди.
Маълумот учун, 2 апрель, шанба куни бўлиб ўтадиган навбатдаги «Эль-Класико»ни Алехандро Хосе Эрнандес Эрнандес бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Учрашув Тошкент вақти билан 23:30 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи даврада «Барселона» жамоаси «Сантьяго Бернабеу» стадионида «Реал»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)