Россия президенти Владимир Путин ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова билан телефон суҳбати чоғида Россия контингенти Пальмирани миналардан тозалашда иштирок этишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Бокова билан суҳбат давомида Путин, шунингдек, уни Пальмира террорчилардан озод этилгани билан табриклади. «Путин Боковани суриялик ҳарбийлар билан биргаликда, олий бош қўмондон топшириғи билан Россия контингенти вакиллари ушбу қадимий шаҳарни минасизлантиришда қатнашишидан хабардор қилди», — деди Песков.
Унинг сўзларига кўра, Россия президенти ва халқаро ташкилот бош директори ЮНЕСКО, Россия ва Сурия энг яқин вақт ичида террорчилар Пальмирага етказган зарарни баҳолаш учун зарур чораларни кўриши, шунингдек, тиклаб бўладиган нарсаларни қайта тиклаш режасини ишлаб чиқиши ҳақида келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия армияси жангчилари ва халқ қўшинлари отрядлари Пальмира шаҳрини тўлиқ озод этгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)