Фукусима-1 атом электр станцияси жойлашган ҳудудда ҳаётни эски ўзанига қайтариш бўйича тадбирлар давом этмоқда. Ишчилар авария оқибатларини бартараф этиш устида ишламоқда, беш йил муқаддам эвакуация қилинган одамлар эса қайтиш ёки қайтмаслик ҳақида бош қотирмоқда, деб ёзади «National Geographic Россия».
2011 йил 11 мартида Япониянинг шимоли-шарқида содир бўлган 9 балли ер қимирлаши ва у келтириб чиқарган, 40 метр баландликка кўтарилган цунами 15893 кишини ҳаётдан олиб кетди, 2572 киши дом-дараксиз йўқолди. 127290 уй вайрон бўлди, миллиондан ортиқ уйга зарар етди. Табиий офатлар оқибатида Фукусима атом электр станциясидаги ядровий реакторларда портлашлар содир бўлди. Станциянинг 20 километр радиусидаги ҳудудда истиқомат қилувчи 150 минг киши эвакуация қилинди.
Ўз уйларидан кўчиб кетишга мажбур бўлган одамлар олдида бугун қийин танлов турибди: қайтиш ёки қайтмаслик масаласи. Аксарият ушбу ҳудудда радиация даражаси ҳали ҳам юқорилигидан чўчимоқда. Ўз навбатида, Япония расмийлари 9 миллион кубометр зарарланган тупроқ олиб чиқиб кетилганини, бу радиация даражасини 0,23 микрозиверт/соатга камайтиришини таъкидламоқда.
2014 йилда фукусималик бир гуруҳ катта синф ўқувчилари эвакуация зонасидан ташқаридаги ҳудудда радиация даражасини ўлчаш бўйича халқаро тадқиқот ўтказди. Япониядаги 12, Польшадаги 8, Франциядаги 4, Беларусдаги 2 мактабнинг 200 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчилари икки ҳафта мобайнида дозиметр билан юриб, кўрсаткичларни қайд қилиб бориши лозим эди. Сўнг натижалар Фукусимадаги билан солиштирилди. Маҳаллий мактаб илмий клуби аъзоси Харука Онодера лойиҳа ташаббускори бўлди.
Ўқувчилар тадқиқот натижаларини Journal of Radiological Protection журналида чоп этди. Улар келган хулосага кўра, Фукусима префектурасида мактаб ўқувчилари олаётган нурланиш дунёнинг бошқа чеккаларидаги кўрсаткичлардан сезиларли фарқ қилмайди.
2017 йил баҳорига қадар эвакуация қилинганларнинг 70 фоизи ўз уйларига қайтиб келиши кутилмоқда.
«Аҳоли ўртасида радиация таъсири хусусида тушунтириш ишлари олиб борилмаган, — деди Минамисома шаҳри мэри Кацунобу Сакурай. — Кўплар қайтиш ҳақида қарор қабул қилишга қийналмоқда, негаки улар радиациянинг қандай даражаси аслида хавфсиз эканлигини билмайди».
Сакурай раҳбарлик қилаётган шаҳардан авариядан сўнг 14 минг киши эвакуация қилинган эди.
Шу билан бирга, айримлар, радиация даражаси юқори бўлишига қарамай, улар қайтишга мажбур қилинаётганини уқтирмоқда.
АЭС менежери Акира Ононинг сўзларига қараганда, айни пайтда электростанциянинг аҳволи барқарор, энг жиддий хавфни эса зарарланган сув туғдиради. Ҳукумат сувни радионуклидлар, биринчи навбатда тритийдан тозалаш бўйича тажрибавий технологиялардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Изоҳ (0)