Россиянинг Ёқутистон республикаси раҳбари Егор Борисов Голливуд актёри Леонардо Ди Каприони ижтимоий тармоқ орқали меҳмонга чорлади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«‘Ёқутистон Оскари’ соҳиби Леонардо Ди Каприога саломлар бўлсин! Уни Ёқутистонда кутамиз!» — дея ёзган Борисов Instagram’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, ёқутистонлик бир гуруҳ кино ишқибозлари Ди Каприони ўзига хос «халқ Оскари» билан мукофотлашга қарор қилиб, уни ясаш учун 1,4 килограмм кумуш ва устидан юритиш учун олтин тўпланганди. Кейинчалик Россиянинг «Каро Премьер» кинокомпанияси томонидан актёрга ҳайкалча етказилгани билдирилди.
«Ёқутистон Оскари» суратини Instagram’даги саҳифасига жойлаган Леонардо Ди Каприо унинг остида изоҳ қолдирган ва ҳайкалчани ясаш учун тақинчоқларини берган аёлларга алоҳида миннатдорлик билдирганди.
Изоҳ (0)