Хонанда Манзура Instagram’даги шахсий саҳифасида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган тадбирлар ҳақида ўз фикрини ёзиб қолдирди, дея хабар бермоқда «Даракчи» газетаси.
Хонанда ўз Instagram’ига жойлаштирган сурати остига: «‘Ким эдигу, ким бўлдик’ тадбирларидамиз. Тушунишимча, Ватан фақат менга керак. Бу тадбирларда тенгдошларим ва ‘юлдуз’лардан ҳеч ким йўқ. ‘Ўзбекнаво’, сени севаман!», — деб ёзиб қўйган.
Бироқ, «Даракчи» газетасининг ёзишича, сурат тармоққа жойлаштирилганидан 10 дақиқа ўтиб, хонанда суратдаги изоҳини ўчириб ташлаган.
«Бунинг сабаби бизга қоронғу. Балки хонанданинг изоҳидаги танқид ҳамкасблари эътирозини уйғотгандир», — деб ёзади «Даракчи» газетаси.
Аввалроқ, хонанда Манзура ҳамкасблари — хонанда Райҳон ва Муниса Ризаева билан муносабатларига дарз кетганини тан олганди. Бундан ташқари, у хонанда Шаҳнозабонунинг жанозасига эстрада вакилларидан деярли ҳеч ким бормагани ҳам танқид остига олганди.
«Instagram’да ‘опажоним’лаб унинг ўлими билан кенг оммани ‘табриклаган’ларнинг бирортаси жанозага келмади», — деганди Манзура.
Қайд этиш жоиз, Шаҳнозабонунинг вафоти муносабати билан шоу-бизнес вакиллари ижтимоий тармоқлар орқали ҳамдардлик билдирган эди, хусусан, хонанда Муниса Ризаева: «Ишонгим келмаяпти. Қадрдон опам! Жуда ҳам ҳурмат қилардим, жуда яхши кўрардим. Сиз доим бизнинг қалбимиздасиз!», — деб қайд қолдирган эди.
Изоҳ (0)