Европа футбол иттифоқи (УЕФА) Францияда бўлиб ўтадиган Евро–2016 турнири давомидаги хавфсизлик масалалари бўйича мамлакат ҳукумати билан доимий алоқа қиляпти, деб хабар беради «Чемпионат».
22 март, сешанба куни Бельгия пойтахти Брюссель шаҳридаги «Завентем» аэропортида икки портлаш юз берди, кейинроқ шаҳар метрополитенида тўртта портлаш содир бўлгани хабар қилинди.
«Европа чемпионати давомида ҳамманинг (турнир иштирокчиларидан тортиб, мухлисларгача) хавфсизлигини кафолатлаш учун барча чора-тадриблар амалга оширилмоқда. УЕФА Евро–2016 турнирига тайёргарликнинг илк кунларидан бошлаб барча таҳдидларни тезкор режалаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, террорчилик ҳужумларини олдини олиш борасида Франция ҳукумати ва мамлакат хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлик қилмоқда. 13 ноябрь куни Париж шаҳрида юз берган терактлардан сўнг, турнирни ташкил этишда иштирок этувчи барча манфаатдор томонлар биргаликда ҳамкорликни давом эттириб, хавф даражасини мунтазам равишда назорат қилмоқда», – дейилади УЕФА матбуот хизмати хабарида .
Маълумот ўрнида, футбол бўйича Евро—2016 турнири жорий йилнинг 10 июнидан 10 июлига қадар ўтказилади.
Изоҳ (0)