Футбол бўйича Ўзбекистон Биринчи Лигасининг 2016 йилги футбол мавсумига пухта тайёргарлик кўраётган Самарқанднинг «Динамо» жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш юз берди, деб хабар қилмоқда клуб матбуот хизмати.
Самарқанд вилояти футбол федерацияси президенти таклифига биноан, «Динамо» клубига бош мураббий этиб Илҳом Шарипов тайинланди. «Динамо»даги футболчилик фаолияти билан самарқандлик мухлислар яқиндан таниш бўлган собиқ футболчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби саналади. 48 ёшли самарқандлик мутахассис бунгача «Пахтакор» клубида селекционер-мураббий сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Клуб раҳбарияти томонидан Илҳом Шарипов олдига жорий мавсум якунларига кўра, жамоани Олий Лигага олиб чиқиш ва кейинги йилдан Самарқандда барқарор ва курашувчан жамоани яратиш вазифаси қўйилди. Шарипов клубда бош менежер сифатида ҳам фаолият юритиб, жамоада маҳаллий ёш футболчилар етишиб чиқишига алоҳида эътибор бериши тайинланди. Мураббийлар штабида унга яна икки самарқандлик ёш мутахассис Учқун Қобилов ва Рафаэль Баласанян ёрдам беради.
Изоҳ (0)