АҚШдаги 1 миллиард доллардан ортиқ капитализацияга эга стартапларнинг 51 фоизига муҳожирлар асос солган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашрига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
National Foundation for American Policy (NFAP) ташкилоти мутахассислари ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, АҚШдаги 87 стартапдан 44 тасига бошқа давлатлар фуқаролари асос солган.
Муҳожирлар асос солган, капитализацияси 1 миллиард доллардан ошадиган стартапларнинг умумий қиймати 168 миллиард долларни ташкил қилади. Бундай компанияларнинг ҳар бирида ўртача 760 киши ишлайди. Уларда раҳбарлик лавозимларининг 70 фоизидан кўпроғини муҳожирлар эгаллаган.
АҚШда чет элликлар ташкил этган энг қиммат стартаплар Uber такси буюртма қилиш хизмати (асосчиларидан бири — канадалик Гэррет Кэмп, қиймати — 62,5 миллиард доллар), дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи Palantir Technologies (асосчиларидан бири — германиялик Петер Тиль, қиймати — 20 миллиард доллар) ва ракета ишлаб чиқарувчи SpaceX’дир (асосчиси — Tesla раҳбари, ЖАР фуқароси Илон Маск, қиймати — 12 миллиард доллар).
АҚШдаги 1 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги стартапларнинг чет эллик асосчилари орасида 14 нафари Ҳиндистон фуқаролари бўлса, Буюк Британия ва Канада вакиллари саккиз нафардан, Исроил фуқаролари етти киши, Германия фуқаролари эса тўрт кишидир.
Изоҳ (0)