16 март, чоршанба куни ОЧЛ 3-тури доирасида «Бунёдкор» жамоаси Тошкентда Эроннинг «Зоб Аҳан» клубига қарши баҳс олиб борди ва 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида «қалдирғочлар» устози Сергей Лушчан бўлиб ўтган учрашув борасида ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Бунёдкор» матбуот хизмати.
«Ўйин мен кутгандек кечди, яъни, рақиб ҳимоядан ўйнади. Шогирдларимга эътирозим йўқ. Рақиб ҳимоячилари Баҳодир Насимовни яхши қўриқлади. У жамоамиздаги энг яхшилардан бири. ‘Бунёдкор’дан фақат ғалаба талаб қилишади. Эрондаги жавоб ўйинида яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.
Достонбек Ҳамдамовнинг жароҳати борлиги туфайли, уни захирадан майдонга туширдик. Виктор Карпенкодан кўпроқ стандарт вазиятларда фойдаланмоқчи бўлиб, уни асосий таркибга киритган эдик. Акром Комиловда олис масофадан дарвозага зарба бериш қобилияти бор. Учрашувни таҳлил қиламиз ва камчиликлар устида ишлаймиз. Жавоб учрашуви олдидан Ўзбекистон кубоги доирасида ўйинимиз бор. Шифокорларнинг гапига қулоқ тутаман. Агар футболчи баҳсга тўлиқ тайёр бўлмаса, уни майдонга тушира олмайман», – дейди Сергей Иванович.
Маълумот учун, «B» гуруҳи 3-туридан сўнг «Зоб Аҳан» 5 очко билан иккинчи, «Бунёдкор» эса 2 очко билан учинчи поғонани эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)