Испаниянинг «Барселона» клуби собиқ футболчиси Эрик Абидал ҳаёти билан боғлиқ унутилмас лаҳзалар ҳақида ҳикоя қилар экан, улар орасида қатарлик миллиардер, Qatar Sports Investments фонди асосчиси Носир Ғаним Ал-Ҳелайфий билан боғлиқ қизиқарли воқеани ҳам эслаб ўтди. Бу ҳақда «Chempionat.com» хабар берди.
Абидалга жигар саратони ташхиси қўйилганидан кейин, у икки марта операция столига ётишга мажбур бўлган. Шу даврда футболчидан хабар олиш мақсадида бир қатор машҳур инсонлар шифохонага ташриф буюрган. Улар орасида «ПСЖ» клуби президенти Носир Ал-Ҳелайфий ҳам бор.
«Мен у билан таниш эмасдим. Шунга қарамай, у Барселонага ташриф буюриб, соғайиб кетишимни сўраб, хонамда илтижо қилганди. У менга кўп яхши гаплар гапирганини ҳалигача эслайман», — дейди Абидал.
Носир Ғаним Ал-Ҳелайфий 2011 йилда Qatar Sports Investments фондига асос солган. Wikipedia маълумотига кўра, фонднинг асосий мақсади спортга маҳаллий ва халқаро миқёсда инвестиция киритишдан иборат. У, шунингдек, beIN Media Group ва Qatar Investment Authority компанияларининг бош директори, Қатар теннис федерацияси президенти ҳам ҳисобланади.
Изоҳ (0)