Америкалик актёр, яқинда «Оскар»га эга бўлган Леонардо Ди Каприо Ёқутистонда бошланган акция доирасида «халқ Оскари» билан тақдирланди. Бу ҳақда лойиҳа координатори Татьяна Егоровага асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ёқутистонлик бир гуруҳ кино ишқибозлари Ди Каприони ўзига хос «халқ Оскари» билан мукофотлашга қарор қилиб, ҳайкалча ясаш учун кумуш тўплай бошлаган эди. Статуэткада акс этган инсон осмонга қараб турган, чороон маросим идишини қўлида тутиб турган ёқут кишиси рамзидир. Фаоллар уни ясаш учун 1,4 килограмм кумуш ва ҳайкалча устидан юритиш учун олтин тўплай олди. Ҳайкалча «Юлдузлар билан суҳбатдош» деб номланди.
«Статуэтка ўтган ҳафта Майамида эди. Ди Каприо у ерга кела олмагани боис у Лос-Анжелесга юборилди ва манзилига етиб борди. Россия ва АҚШ матбуоти, бутун республика сингари, унинг шу статуэтка билан чиқишини интиқ бўлиб кутмоқда. Лекин у жавоб бера олмаслиги ёки турли сабабларга кўра буни истамаслиги мумкин. Ҳарқалай, биз ҳайкалча Ди Каприода эканлигини аниқ биламиз ва бу бизни қувонтиради», — деб маълум қилди Егорова Facebook’даги саҳифаси орқали.
Изоҳ (0)