14 март, душанба куни Қозоғистоннинг Қарағанди вилоят суди апелляцион коллегияси собиқ бош вазир Серик Аҳметов иши юзасидан апелляция аризасини кўриб чиқиб, ўз хулосасини ўқиб эшиттирди, деб хабар беради «Zakon.kz».
«Аҳметов томонидан етказилган 2 миллиард 254 миллион 445 минг 707 тенге миқдоридаги зарар тўла қопланганини инобатга олган ҳолда, коллегия судланувчи Аҳметовга белгиланган жазони юмшатиш керак, деб ҳисоблайди», — деди апелляцион коллегия раиси Рашид Нурмағамбетов.
Ўтган йил декабрида суд Аҳметовни пора олганликда, мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда, тадбиркорлик фаолиятида ноқонуний иштирок этганликда ва ўзганинг мол-мулкини жуда катта миқдорда ўзлаштирганликда айблаб, 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Аҳметовнинг адвокатлари декабрь ойининг охирида ишнинг апелляцион инстанцияга оширилишига эришган эди. Эндиликда жазо муддати 8 йилга туширилди, шунингдек, собиқ амалдорнинг мол-мулки мусодара қилинадиган бўлди.
Серик Аҳметов Қозоғистон ҳукуматини 2012 йилдан 2014 йилга қадар, уй қамоғига олингунича бошқариб келган.
Изоҳ (0)