Эртага, 2 март куни Осиё Чемпионлар Лигасининг «D» гуруҳи 2-тури доирасида Қаршининг «Насаф» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» футболчиларини қабул қилади. Ушбу учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «Ал-Аҳли» бош мураббийи Кристиан Гросс бўлажак ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Voha.uz».
– «Насаф» билан жуда қийин учрашувни ўтказиб, ғалаба қозонгандик. Қаршига яна ижобий натижа учун келдик. Эртага биз учун қийин учрашув бўлишини сезиб турибмиз. Шундай бўлса-да, ижобий натижа учун ўйнаймиз, — дейди Кристиан Гросс.
«Ал-Аҳли» ҳимоячиси Комил ал-Мусо ҳам эртанги ўйин ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
– Биз эртага Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси бўлмиш «Насаф» билан навбатдаги учрашувни ўтказамиз. Рақибимиз жуда кучли, шунинг учун бизга осон ўйин бўлмайди. Аммо биз эртага ижобий натижа учун майдонга тушишга тайёрмиз, — дейди Комил ал-Мусо.
Шундан сўнг «Ал-Аҳли» устози журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
– Сизнингча, ўтган йилги «Насаф» билан бу йилги «Насаф»нинг фарқи нимада?
– Жамоа ўйинида катта ўзгаришларни сезмадим, аммо, ўтган ўйинда майдонга тушмаган 18-рақамдаги Баҳром Абдураҳимов эртага ўйнаши мумкин. Ушбу футболчи жуда тез ҳаракат қилади. У жамоанинг ўтган ўйинидаги чап қанот муаммосини ҳал қилиши мумкин. Олдин ҳам айтганман, жамоада бошқа кучли ўйинчилар ҳам етарли даражада. Жамоа жуда тезкор ўйин намойиш этади.
– Нима учун айрим етакчи ўйинчиларингиз Қаршига келмади?
– Ушбу ўйинчиларимиз келмаса ҳам жамоамизда тажрибали ўйинчилар етарли. Захира ўриндиғимиз ҳам кучли, хавотирга асос йўқ.
– Гуруҳда қайси жамоанинг ОЧЛдаги имконияти юқори деб ҳисоблайсиз?
– Ҳозир бир нарса айтиш қийин. Фақатгина «Насаф» жамоаси ўйинини кўрдик, қолган жамоалар эса қай даражада эканлигидан ҳозирча хабарим йўқ. Аммо «Насаф» ҳам бемалол юқори натижаларга даъвогарлик қила оладиган жамоа.
– Сиз доимо «Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев тўғрисида илиқ фикрлар билдириб келасиз, сизга унинг қайси жиҳатлари кўпроқ ёқади?
– Биз мураббийлар доимо бир-биримизга чуқур ҳурматда бўлишга ҳаракат қиламиз. Бердиев замонавий футболни яхши билади, жамоани тезкор ўйнашга ўргатган. Шунингдек, яқинда бўлиб ўтган Суперкубок учрашувини ҳам кўрдим, ушбу ўйин фикримга яққол далил бўла олади. «Насаф» ажойиб ўйин намойиш этди. Албатта, жамоанинг бундай ютуқлари замирида Бердиевнинг катта меҳнати ётибди.
«Насаф» — «Ал-Аҳли» учрашуви 2 март, чоршанба куни Қаршидаги «Марказий» стадионида, Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.
Изоҳ (0)