Эртага, 1 март куни Осиё Чемпионлар Лигасининг «B» гуруҳи 2-тури доирасида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» футболчиларини қабул қилади. Ушбу учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «Ан-Насср» бош мураббийи Рауль Канеда бўлажак ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Бунёдкор» клуби матбуот хизмати.
- Ажойиб инсонлари ва об-ҳавоси бор Тошкент шаҳрида бўлиб турганимиздан хурсандмиз. «Бунёдкор» – ёш ва иқтидорли футболчилардан ташкил топган кучли жамоа. Ўз майдонимиздаги баҳсда дуранг қайд этдик. Энди «Бунёдкор»ни ютишга ҳаракат қиламиз. Тошкентга уч очко илинжида келдик. Ўйлашимча, бу гуруҳдан кучли жамоалар жой олган. Шу боисдан ҳам кураш сўнгги тургача давом этади. Жамоада иш бошлаганимга кўп вақт бўлгани йўқ, лекин қўл остимдаги футболчиларнинг имкониятларини яхши биламан. Футболчиларимда чемпионлик руҳи бор. «Бунёдкор»нинг кучига ва имкониятларига ҳурмат билан қарайман. «Ал-Ваҳда»га қарши ўтказган сўнгги ўйинимиздан кўнглим тўлгани йўқ. Шунга қарамай, биз ишлашда ва ўсишда давом этамиз. Қачондир албатта ютамиз. Шундан сўнг бизни тўхтатишни имкони бўлмайди, — дейди Рауль Канеда.
Шундан сўнг «Ан-Насср» ҳужумчиси Ҳасан ал-Раҳеб эртанги ўйин ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
- «Бунёдкор» – жуда кучли жамоа. Бироқ, мураббийимиз айтганидек, Тошкентга ғалаба қозониш учун келдик. Ростини айтсам, ўз майдонимиздаги дуранг биз учун мағлубиятга тенг бўлди. Бу ерда биринчи ғалабамизни нишонламоқчимиз, — дейди Ҳасан ал-Раҳеб.
«Бунёдкор» — «Ан-Насср» учрашуви эртага, 1 март куни «Бунёдкор» стадионида, Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади. Учрашувни малайзиялик ҳакамлар гуруҳи бошқаради.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ–2016 гуруҳ босқичининг 1-турида «Бунёдкор» Саудия Арабистонида «Ан-Насср» меҳмони бўлиб, 3:3 ҳисобида дуранг қайд этганди.
Изоҳ (0)