Италиялик бастакор Эннио Морриконе режиссёр Квентин Тарантинонинг «Жирканч саккизлик» фильми учун тайёрлаган мусиқаси учун «Оскар» мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги хабар бермоқда.
87 ёшли Морриконе ўз фаолиятида илк бор энг яхши мусиқа йўналишида «Оскар» мукофотини қўлга киритди. Бунгача у беш марта мазкур йўналишда ғолибликка даъвогар бўлганди. 2007 йили унга кино мусиқаси ривожига қўшган ҳиссаси учун алоҳида «Оскар» топширилган эди.
Бастакор мукофот топшириш маросимида шахсан ўзи иштирок этиб, кўз ёшларини тия олмади. У мукофот учун АҚШ киноакадемиясига миннатдорчилик билдирди ва ўз муваффақиятини аёли Марияга бағишлашини айтиб ўтди.
Энг яхши мусиқа йўналишида Морриконега Томас Ньюман («Жосус кўприги» фильми мусиқаси учун), Картер Беруэлл («Кэрол»), Жон Уильямс («Юлдузлар жанги») ва Йохан Йоханнссон («Қотил») рақобатчилик қилди.
Изоҳ (0)