Режиссёр Рустам Саъдиев Ўзбекистонда яшаб ўтган машҳур тарихий шахслар ҳақида фильм суратга олиш орзуси борлигини маълум қилди. Бу ҳақда у «Бекажон» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Маблағ яхши бўлса, кино қизиқарли чиқади. Костюмлар, декорациялар — ҳаммаси маблағга бориб тақалади. Яхши фильм ишлаш учун яхши маслаҳатчилар ҳам керак. Ўзбекистонда яшаб ўтган авлиёлар ҳақида фильм олишни ўйлаяпман. Буюк табиб Ибн Сино ҳақида ҳам бир яхши фильм ишлагим келади», — деди Рустам Саъдиев.
«Ҳа, Ботир Зокиров ва Бахтиёр Зокиров иштирокида Ибн Сино ҳақида фильм олинган, лекин у бошқача планда. Янги фильм ҳаётга яқин бўлса, унда Ибн Синонинг фаолияти кенгроқ қамраб олинса, дейман. Бу бир томони. Яна катта уламо-авлиёлар бор. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд. Терроризм таҳдид солаётган бир пайтда ислом дини салоҳиятини ана шундай буюк тарихий шахслар тимсолида кўрсатиш фойдадан ҳоли бўлмасди, деб ўйлайман», — деди режиссёр.
«Агар имконият берилса, шулар ҳақида фильм олган бўлардим. Бу улкан бир орзу. Бир кун келиб у амалга ошади, деб умид қиламан», — дея қўшимча қилди Рустам Саъдиев.
Маълумот учун, Рустам Саъдиев сўнгги икки йилда Ўзбекистонда катта шов-шув кўтарган «Сотқин» ва «Барон» фильмлари режиссёри ҳисобланади.
Изоҳ (0)