24 февраль куни ҳаво ҳарорати Самарқанд шаҳрида +25,7 даражагача, Термизда +27,5 даражагача, Нукусда эса +26,4 даражагача кўтарилди, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет». Бу метеорологик кузатувларнинг 24 февраль тарихи бўйича учала шаҳарда қайд этилган янги рекордлардир.
Самарқанд, Термиз ва Нукусда ҳаво ҳароратининг илиқлиги бўйича 24 февраль тарихидаги аввалги рекордлар 1963 йилда ўрнатилган эди. Ўшанда Самарқанд шаҳрида ҳаво ҳарорати +24,6 даражагача, Термизда +26,9 даражагача, Нукусда эса +20,2 даражагача кўтарилган.
2015—2016 йилги қиш мавсуми, айниқса, январь ва февраль ойлари Ўзбекистонда одатдагидан илиқ келди. Тошкент, Самарқанд, Термиз ва Нукус шаҳарларида январь ва февраль ойларининг алоҳида кунларида бунгача ҳам бир неча бор ҳаво ҳароратининг илиқлиги бўйича янги рекордлар ўрнатилганди.
Хусусан, 22 февраль куни Тошкентда ҳаво ҳароратининг илиқлиги бўйича 121 йиллик рекорд янгиланган эди.
Изоҳ (0)