Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 24 февралдаги қарори билан Меҳнат вазирлиги ташкилий тузилмасини тасдиқлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» Вазирлар Маҳкамасидаги манбасига таяниб.
Вазирлик марказий аппарати тузилмасидан вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими чиқариб ташланди (вазирнинг битта ўринбосари қолади), Меҳнат вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Меҳнат вазирлиги, Тошкент ва вилоятлардаги меҳнат бўйича бош бошқармалар, шунингдек, туманлар бандлик марказлари персонали сони оптималлаштирилди.
Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ишлаш ва халқаро алоқалар бўйича сектор ҳамда Ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш сектори ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Ислом Каримовнинг 22 февралдаги «Аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдам билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига айлантирилди.
Изоҳ (0)