Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ICAO) 22 февраль куни йўловчи самолётларнинг юк бўлмаларида литий-ионли аккумуляторларни ташишнинг вақтинчалик тақиқланишини эълон қилди, деб хабар беради «Ведомости».
Асос сифатида бундай турдаги батареялар самолётлар бортида ёнғин келтириб чиқариши мумкинлиги айтилди. Тақиқ 2016 йилнинг 1 апрелидан кучга киради.Юк самолётлари бундай аккумуляторларни ташишда давом этиши мумкин. Шунингдек, тақиқ йўловчилар ҳамда экипаж аъзоларининг қўлидаги электрон ускуналарнинг батареяларини қамраб олмайди.
ICAO мутахассисларининг фикрича, замонавий маиший электрон техникада қўлланиладиган литий-ионли батареялар ўз-ўзидан ўт олиши ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин. Бу эса парвоз чоғида ҳаво транспортига нисбатан жиддий хатарни келтириб чиқаради.
Халқаро ташкилотнинг чеклов чоралари мажбурий кучга эга бўлмай, тавсия характеридаги ҳужжат ҳисобланади. Шунга қарамай, кўпчилик давлатлар одатда унинг тавсияларига амал қилади.
Изоҳ (0)