Американинг Apple компанияси террорчининг телефонини бузишни сўраган ФҚБ билан компания ўртасидаги можаронинг миллий хавфсизлик ва шахсий эркинликка таъсирини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси ёки эксперт гуруҳи тузишга чақирди. Бу ҳақда Apple компанияси сайтида эълон қилинган баёнотга таяниб, «РБК» хабар қилмоқда.
Баёнотда компания эксперт гуруҳи ташкил қилишда бажонидил иштирок этиши таъкидланган.
«Биз ҳукумат учун энг яхши қарор, конгресснинг баъзи аъзолари таклиф қилгандек, Apple ва ФҚБ можаросининг ҳуқуқ-тартибот органлари, миллий хавфсизлик, махфийлик ва шахсий эркинликка таъсири оқибатларини баҳолаш учун разведка, технология ва фуқаролик эркинлиги масалаларида комиссия ёки бошқа эксперт гуруҳи ташкил қилиш, деб ҳисоблаймиз», — дейилади Apple хабарида.
16 февраль куни АҚШ суди Apple’дан Саид Фаруқнинг мобил ускунаси маълумотларини ололмаётган ФҚБ ходимларига махсус дастурий таъминот тақдим этишни талаб қилди.
Аммо Apple ФҚБга ёрдам беришдан бош тортди. Apple’нинг бу қарорини Google, WhatsApp, Facebook ва Twitter қўллаб-қувватлади.
Изоҳ (0)