Голливуд юлдузлари Брюс Уиллис ва Деми Мур ажрашганидан 16 йил ўтиб, экранда севишган жуфтлик ролини ижро этади. Бу ҳақда Америка ОАВлари маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Маълум қилинишича, собиқ эр-хотин Голливуднинг янги лойиҳасида бош ролларни ижро этишни режалаштирмоқда. Фильм тафсилотлари ҳозирча сир сақланмоқда.
Журналистларнинг маълум қилишича, ҳозирги пайтда Уиллис ва Мур уларга таклиф этилган фильм сценарийси билан танишмоқда. Фильмга бир-бирини севувчи ва вафодор эр-хотин муносабатлари асос қилиб олинган. Жуфтликнинг суратга олиш майдончасида биргаликда бўлиши актёрларнинг мухлислари учун ўзига хос совға бўлганлиги таъкидланмоқда.
Охирги пайтларда 53 ёшли Мур фильмларда камдан-кам суратга тушиб, асосий вақтини болаларига бағишламоқда. 60 ёшли Уиллис эса суратга олиш майдонларида кўпроқ пайдо бўлмоқда. У яқинда «Чақилмас ёнғоқ»нинг янги қисмида суратга тушишга розилик берди.
Актёрлар 1987 йилда турмуш қурган бўлиб, уларнинг никоҳи 13 йил давом этган. Бу вақт давомида уларнинг уч нафар қизи дунёга келган.