Италия карабинерлари махсус бўлинмаси Сицилиянинг Мессина провинциясида 3 февраль, чоршанба куни мафия билан курашиш бўйича кенг кўламли операцияни ўтказди. Операция давомида 13 нафар хавфли жиноятчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар беради.
Маҳаллий ОАВнинг маълум қилишича, гап 1993—2012 йиллар давомида 17 та қотилликни содир этган гангстерлар ҳақида бормоқда. Ушбу жиноятлардан бири энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган, 1993 йилнинг январида сицилиялик машҳур журналист Жузеппе Алфанонинг ўлдирилишидир. Журналист «Коза Ностра» фаолияти юзасидан суриштирув олиб борган.
Мессинадаги операция билан бир вақтда Сицилия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари машҳур қурилиш магнати Франческо Пекори меросхўрларининг мол-мулкини мусодара қилди. Франческо 2011 йилда вафот этган бўлиб, у «Коза Ностра»нинг нуфузли ҳамтовоқларидан бири ҳисобланган.
Изоҳ (0)