Россиядаги «Яблоко» партияси активистлари 26 январь куни Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров истеъфосини талаб қилиб, акция ташкил этади, дея хабар бермоқда «Интерфакс» партия матбуот хизматига таяниб.
Митинг республиканинг Москвадаги ваколатхонаси ёнида уюштирилади. Унда партиянинг Москва минтақавий бўлинмаси раиси, партия собиқ раҳбари Сергей Митрохин қатнашади.
Ўз пикетида «Яблоко» Қодировдан узр, Путиндан эса уни Чеченистон раҳбари вазифасидан озод этишни талаб қилмоқчи. Партия бундай митингни президент маъмурияти биноси ёнида ҳам ўтказиши мумкин. Айни пайтда «Яблоко» ҳукумат жавобини кутмоқда, шундан сўнг акция шакли ҳақида якуний қарор қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни Қодиров журналистлар билан учрашувда «тизимдан ташқаридаги мухолифат вакилларига халқ душманлари, хоинлар каби муносабатда бўлиш», «бундай кишиларни уларнинг қўпорувчилик фаолияти учун суд қилиш»га даъват этган эди.
Шундан сўнг Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 12 январь куни мухолифатни «халқ душманлари» дея атаган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг сўзларини лингвистик экспертизага жўнатиши хабар берилди. Ҳуқуқ муҳофазачилари ва жамоатчилик арбоблари эса уни ушбу гаплари учун истеъфога чиқарилишини талаб қилиб, ариза ёзди.
Изоҳ (0)