Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида шахмат бўйича анъанавий халқаро турнир давом этмоқда. Ўз тарихида саккизинчи бор ташкил этилган Chennai Open мусобақасида 11 давлатдан жами 213 шахматчи бош мукофот учун дона суряпти. Улардан 22 нафари халқаро гроссмейстерлар, 25 нафари эса халқаро усталардир, деб хабар беради «Оламспорт».
Мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон шарафини халқаро гроссмейстер Марат Жумаев ҳимоя қиляпти. Ўзбекистонлик шахматчи турнирда рейтинг бўйича 14-рақам остида таснифланган. Кеча, 19 январь куни ўтказилган 3-тур учрашувида Марат Жумаев дуранг ўйнади.
Қора доналарда ҳаракат қилган Жумаев ҳиндистонлик Аржун Эригайсининг қаршилигини синдира олмади. Лекин дастлабки икки турда ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер рақибларини мағлубиятга учратган эди.
Бугун, 20 январь куни Жумаев ўзи сингари 2,5 очкога эга бўлиб турган мезбон шахматчи Шет Жайкумар Саммед билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади.
Изоҳ (0)