Тошкентдаги Меҳржон кўчасида 13-йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган Vario LF трамвайи юк ташуви «Газель» машинаси билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида хабар қолдирилган.
Фотохабар остида фикр билдирган аксарият фойдаланувчилар ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юз берган йўл таъмирталаб экани, «бу жойни ҳатто йўл ҳам деб бўлмаслиги»ни таъкидлаган.
Бу йўлнинг ҳолати ачинарли эканлигини таърифлаш бўйича фойдаланувчилар ўртасида ўзига хос мусобақа бўлган. Кимдир бу йўлни «бомбардимонга учраган» деб таърифлаган бўлса, бошқаси «бу ерда танклар пойга ўйнаган», деб ёзган.
Вазиятга ҳазил-мутойиба билан ёндошувчилар трамвайчини «танқид қилган»: «Трамвайчи рулни бироз чапроққа бурганида эди, ‘Газель’ бемалол ўтиб кетарди».
Изоҳ (0)