Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини ривожлантириш, унинг моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш, бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишларини такомиллаштириш мақсадида ҳамда XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг бошланишига 200 кун қолганлиги муносабати билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси «Ўзбекистонда Олимпия ҳаракати» мавзуида танлов ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, танловга 2016 йил 18 январдан 2016 йил 1 июнгача газета ва журналларда, интернет нашрларида эълон қилинган материаллар, эфирга узатилган телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар қабул қилинади.
Тавсия этилаётган телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 3 дақиқадан 40 дақиқагача, радиоэшиттиришлар (системали диск ёки флешка) 5 дақиқадан 40 дақиқагача бўлиши керак. Матбуот ва интернет материаллари даврий нашрнинг асл нусхаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилиши лозим.
Материаллар (камида иккита) танловга таҳририят тавсияси билан 2016 йилнинг 15 июнигача муаллифнинг иш жойи, телефони рақами, манзили ва профессионал фаолияти ҳақидаги маълумотлар ва паспорт нусхаси илова қилинган ҳолда тақдим этилиши белгиланган.
Шунингдек, материаллар «Ўзбекистонда Олимпия ҳаракати» танловига деб кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Тошкент шаҳри, Олмазор кўчаси, 6-уй манзили бўйича юборилиши ёки қўмитанинг матбуот хизматига тақдим этилиши лозим.
Таъкидланишича, танлов ғолиблари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг махсус мукофотлари билан тақдирланиб, мукофотлар 2016 йил 27 июнь куни ― Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни топширилади.
Изоҳ (0)