2015 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга миннатдорлик мактуби йўллади. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Мактубда, жумладан, шундай дейилади:
«Сиз билан 2015 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифим чоғида учрашганим менга улкан мамнуният бағишлади. Шахсан Сизга ва Ўзбекистон ҳукумати вакилларига самимий қабул ҳамда самарали мулоқотлар учун ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман.
Сизнинг хусусий секторни Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишига айлантириш борасидаги стратегик концепциянгизни юксак баҳолайман ва қўллаб-қувватлайман. Ўзбекистон кейинги ўн йиллар давомида эришган улкан ютуқлар ва ўсиш суръатларини сақлаб қолиши ва янада ривожлантириши учун тараққиётнинг янги усулларини топиши зарур деган фикрга тўла қўшиламан. Давлат секторини бошқариш самарадорлиги ва очиқлиги халқаро стандартларга мувофиқ олиб борилаётган Ўзбекистонда замонавий технологиялар билан жиҳозланган, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган хусусий сектор бундай ўсишни таъминлашда асосий омил бўлмоқда.
Сизни ишонтириб айтаманки, Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди ва ўзаро шериклигимизнинг навбатдаги концепцияси доирасида мамлакатингиз иқтисодий тараққиёти янада юксалиши йўлида ҳамкорлик қилишга доимо тайёр».
Маълумот учун, Жаҳон банки томонидан тайёрланган 2016—2020 йилларга мўлжалланган шериклик стратегияси доирасида Ўзбекистонда қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган 30 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар электр энергетикаси, нефть-газ саноати, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, коммунал инфратузилма ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган.
Изоҳ (0)