Якунланган 2015 йилда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш йўлидаги кўплаб масалалар ўз ечимини топди. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов ОАВларига берган махсус интервьюсида бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига қараганда, 2015 йилда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг бор куч-ғайрати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2015 йилнинг 16 январида Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида белгилаб берилган ва ижтимиой-иқтисодий тараққиётга мўлжалланган муҳим вазифаларни бажаришга қаратилди.
Жумладан, 2015 йилда Ўзбекистонда 990,4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Мақсадли дастурлар доирасида эса 265 мингта янги иш ўрни яратилди. Вазирлик мутахассислари янги иш ўринлари яратиш ва бандликни таъминлаш дастури ижросини мониторинг қилиб борди ва меҳнат қонунчилигига амал қилиниши ҳамда меҳнат муҳофазаси борасидаги масалаларни ҳал этиш ва такомиллаштириш билан шуғулланди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Шахсий бизнес учун очиқ эшиклар куни» лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур тадбир доирасида икки соат мобайнида шахсий бизнесни бошлаш учун керак бўладиган барча ҳужжатларни расмийлаштириш имкони яратилди. Бугунги кунда 2014/2015-ўқув йили битирувчиларининг 90 фоизи иш билан таъминланди.
Ишсиз аҳолини касбга қайта тайёрлаш тизимининг ривожлантирилиши алоҳида аҳамиятга молик. Самарқандда кореялик ҳамкорлар билан биргаликда республикада иккинчи Касбий таълим марказининг қурилиши бошланди. Мазкур марказда бепул равишда вақтинча ишсиз фуқаролар турли етакчи корхоналарда фаолият юритиш учун тайёрланади.
Изоҳ (0)