Ўз ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзбекистонлик ишқибозларни ҳақорат қилган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳимоячиси Максимилиан Фомин қилган иши учун кечирим сўради.
Фомин Ироққа қарши ўйиндан кейин уни ва олимпия термасини ижтимоий тармоқлар орқали танқид қилганларга нисбатан кескин жавоб қайтарганди. Аммо орадан маълум бир вақт ўтгач, олимпия термаси ҳимоячиси унинг айтган сўзлари барча мухлисларга аталмаганини тушунтирди. Ҳимоячи Facebook саҳифасидаги постини рус ва ўзбек тилларида қолдирди.
«Ҳурматли футбол мухлислари, менинг постим бизнинг ашаддий мухлисларимизга, яъни бизга чин кўнгилдан мухлислик қилганларга тегишли эмас. Биз сизларга чин кўнгилдан минатдорчилик билдирамиз ва сиз кутган натижага эриша олмадик, биз худди сизлар каби бизнинг жаннатмакон Ўзбекистонимиз олимпия ўйинларига йўлланма олишини хоҳлагандик. Афсуски, бу амалга ошмади. Мен яна бир маротаба такрорлайман бу спорт, бу ўйин ва бу эрда ҳар доим ҳам биз хоҳлагандек бўлмайди! Мен чил дилдан ҳақиқий мухлисларимиздан узр сўрайман. Мен сизларни хафа қилишни хоҳламагандим. Менинг постим бизни нотўғри гаплар билан ҳақорат қилган ва ҳалигача комментарияларда бизни ёмонлаётганларга тегишли!», — деб ёзди Максимилиан Фомин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Рио—2016 йўлланмаси учун курашдан четда қолиб кетди.
Изоҳ (0)