«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси 2016 йилда «автобуслар ҳаракатини кузатиш» хизмати кўрсатилмаслиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда компания сайтида ахборот берилган.
Компаниянинг қайд этишича, шаҳар автобуслари ҳаракатини мобил қурилма ва веб-интерфейс орқали кузатиш имконини берувчи «VIA.uz» дастурини ишлаб чиққан VIA-TASHKENT компанияси шартнома якунига етган.
Шу муносабат билан, «Тоштрансдиспетчерхизмат» унитар корхонаси Республика товар-хомашё биржасига «Йўловчи транспорти рейслари бажарилиши фаолиятини мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулотни тақдим этиш ва 2016 йил охиригача техник қўллаб-қувватлаш» хизматларини сотиб олиш бўйича талабнома жойлаштирган.
«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг расман маълум қилишича, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтатилмайди, аксинча, давом эттирилади ва янада такомиллаштирилади. «Автобус ҳаракатини кузатиш» хизматини кўрсатувчи компания ўзгарган тақдирда, мазкур лойиҳа фаолиятида қисқа муддатли техник носозликлар рўй бериши мумкин, уларни имкон қадар қисқа муддатда бартараф этиш режалаштирилган.
«‘Тошшаҳартрансхизмат’ акциядорлик компанияси вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўрайди ва фойдаланувчиларнинг Тошкент шаҳар транспорти фаолиятига бўлган фаол қизиқиши учун миннатдорчилик билдиради», — дейилади компания ахборотида.
Аввалроқ, VIA-TASHKENT компанияси 14 январдан бошлаб «VIA.uz» мобил дастури орқали шаҳар автобусларининг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни узатмаслигини маълум қилганди. VIA-TASHKENT раҳбари «Тошшаҳартрансхизмат» мазкур йўналишда хизмат кўрсатувчи корхонани ўзгартиришга қарор қилганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)