Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар беради.
Яқинда «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан Россия Федерациясидан кириб келган йўловчи поездини божхона назоратидан ўтказиш чоғида фуқаро Б.Алимов (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) томонидан йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 2 минг қути Parliament сигаретининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Хорижда ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон аксиз маркалари билан маркаланмаган ушбу тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати салкам 29 миллион сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, фуқаро Ш.Холбоев ноқонуний равишда олиб кирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси аксиз маркаси билан маркаланмаган, қиймати 11,5 миллион сўмлик 880 қути Parliament ва Parliament carat номли тамаки маҳсулотининг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатни тақдим қила олмади.
Божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаролар Н.Нуралиева ҳамда М.Эшчоновалар амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида, уларнинг ёнида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 4 турдаги 270 қути тамаки маҳсулоти борлиги фош қилинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ўтган 2015 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда салкам 600 та божхона қоидабузарлиги фош қилиниб, қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Изоҳ (0)