АҚШ президенти маъмурияти Шимолий Кореяни халқаро мажбуриятларни бажаришга чақиради. Бу ҳақда, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Нед Прайсга асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Биз ҳозирча водород бомбаси синови ҳақидаги ахборотларни тасдиқлай олмаймиз. Биз БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг ҳар қандай бузилишини қоралаймиз ва Шимолий Кореяни ўзига олган халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», — деди Прайс.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Шимолий Кореянинг ҳар қандай провокациясига тегишли тарзда жавоб қайтаради.
6 январга ўтар кечаси Шимолий Кореянинг Пунгери ядровий полигони жойлашган ҳудудда 5,1 магнитудали зилзила юз бергани, ерости силкинишларига техноген омил сабаб бўлгани маълум қилинганди. Кейинроқ Шимолий Корея телевидениеси мамлакат водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини эълон қилди.
Ушбу ядровий синов Япония ва Жанубий Корея ҳукуматлари томонидан кескин танқид остига олинди, бундан ташқари, мазкур ҳолат сабаб Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашини фавқулодда мажлисга чақирган.
Воқеалар ривожи: КХДРнинг водород бомбаси
Изоҳ (0)