Францияда Charlie Hebdo ҳажвий газетаси махсус сони муқовасига тушириладиган «Қотил худо» тасвиридан иборат карикатура танқидга учради, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Газетанинг ушбу сони 2015 йил 7 январь кунги терактга бир йил тўлишига бағишланади. 6 январь, чоршанба куни чиқариладиган махсус сон мақолаларини BFM TV ахборот телеканали эълон қилди.
Газета муаллифлари қарорига кўра, унинг муқовасига узун либос кийган серсоқол ва оқ сочли қария елкасига Калашников автоматини осиб олгани акс этган оқ-қора расм жойланадиган бўлди. Персонажнинг соқоли, енги ва либоси этакларида қон излари тасвирланган.
Бу карикатура, хусусан, диний ташкилотлар ғазабига сабаб бўлди. «Теракт қурбонлари орасида диндорлар ҳам бор эди… Уларнинг оилалари бу карикатурани кўриб, ўзларини ҳақоратланган деб билади. Мен буни тушунолмаяпман, шунчаки таажжубдаман», — деди Версаль диоцези руҳонийларидан бири аббат Пьер Амар.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 7 январь куни Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган Charlie Hebdo сатира газетаси биносида номаълум шахслар ўт очиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)