2015 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Германия Федератив Республикасининг Муваққат ишлар вакили Мелани Молтманн билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида 2014 йил 14 октябрда Берлин шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Германия ўртасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида 1999 йил 7 сентябрдаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённомани ратификация қилиш ёрлиқлари алмашилди.
Таъкидланишича, Баённома 2015 йил 29 декабрдан бошлаб кучга киради.
Ҳужжатга биноан, Битимга солиқ сиёсати бўйича халқаро стандартларга мос келадиган ахборот алмашиш механизмини кенгайтиришга қаратилган янги қисмларни киритиш кўзда тутилиб, улар икки давлат компаниялари ва тадбиркорлари ўртасида ўзаро инвестицияни жалб қилиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга имкон яратади.
Бундан ташқари, мазкур халқаро келишув солиққа оид қонунбузарликларга қарши курашишда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда Ўзбекистон ва Германия солиқ қонунчилигига амал қилишни таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)